Истанбулдаги ҳужум: 18 ёшли Лиан Нассернинг илк саёҳати фожиа билан якунланди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
05-01-2017 | 18:16 ZAMIN.UZ / Дунё / 05 Январ 2017
456

Истанбулдаги ҳужум: 18 ёшли Лиан Нассернинг илк саёҳати фожиа билан якунланди

Истанбулдаги ҳужум: 18 ёшли Лиан Нассернинг илк саёҳати фожиа билан якунланди

Исроилда яшовчи 18 ёшли Лиан Нассер исмли қиз ота-онасидан уни Истанбулга боришига рухсат беришларини сўрайди. У ҳеч қачон мамлакат ташқарисига чиқмаган эди.

Лианнинг уч нафар дўсти Янги йил байрамини ўтказиш учун Истанбулга кетаётган эди. Лиан улар билан боришни жуда хоҳлаган эди. Бироқ, қизнинг отаси бунга қаршилик қилди. У Истанбулдаги нотинч вазият сабаб қизининг ҳаётини хавф остига қўйишни истамади. Ота қизи Янги йилни уйда, яқинлари даврасида кутиб олишини хоҳлаган эди. Шунда Лиан отасини кўндиришда аммаси Лаял Масервахдан ёрдам сўрайди. Амма баҳсда жияни томон бўлади.

“Унинг отаси бу ҳояга қарши эди. У Истанбул нотинчлигини, у ерга бориш хавфли эканлигини таъкидлар эди. Бироқ, Лиан ўзига ҳеч нарса қилмаслигини таъкидлаб, ўз сўзида туриб олди”,—дейди Лаял Масервах.

Лиан Нассернинг келажакда бир олам орзулари бор эди. У 2017 йилнинг июнь ойида коллежни тугатганидан сўнг шифокор бўлишни орзу қиларди. У ўқиш билан биргаликда стоматология клиникасида ишлар эди. Қиз машина сотиб олиш учун пул ҳам йиғаётган эди.

Шундай қилиб, тўрт нафар ёш қизлар Истанбулдаги Reina клубига йўл олади.

31 декабрь кечасида, фожиадан бир неча дақиқа аввал Лиан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига тунги клубда тушган суратини жойлаштирган. Суратларда камерага тик қараб турган Лианнинг табассуми акс этган.

1 январ тонгида бутун дунё Истанбулда юз берган фожиадан хабар топди. Тунги клубга ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлди, ўнлаб инсонлар яраланди.

Лиан Нассер эса йўқолиб қолди. Унинг отаси биринчи рейс билан Туркияга учди. Оила аъзолари Оллоҳдан Лианнинг тирик бўлишини тилади...

Полиция Лианнинг отасига бир нечта қонга бўялган тақинчоқларни кўрсатди. Қаттиқ тушкунлик таъсирида ота бу тақинчоқларнинг қизига тегишли ёки тегишли эмаслигини эслай олмади. Ота юрак шаклидаги узук ва яшил кўзли билагузукни расмга олди ва қизнинг аммасига жўнатди. Аммаси эса уларни таниди...

Шундан кейин қизнинг ҳам тунги клубга ҳужум пайтида ҳалок бўлгани тасдиқланди.

“Мен ўзимни кечира олмаяпман. Қанийди, у эмас, мен ҳалок бўлганимда. Нега у билан бормадим? Нега уни ҳимоя қилмадим?”,—дейди қизнинг аммаси.

Лиан Нассернинг жасади ўз ватанига юборилди. Бу унинг ҳаётидаги илк саёҳат ва уйга сўнгги бор қайтиш эди...

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.