09:52 / 11.02.2017
7 961

Соғлиқни сақлаш вазири: Энди ёпилган дорихона ўрнида 3 йилгача янгиси очилмайди

Соғлиқни сақлаш вазири: Энди ёпилган дорихона ўрнида 3 йилгача янгиси очилмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 2016 йилнинг 31 октябрь куни “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Айни дамда Президент қарорининг ижросини таъминлаш, дори-дармон ва тиббиёт буюмларининг нархларини пасайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкил этилган “Пресс клуб”да иштирок этган Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ҳабибулла Жалилов баёнот берди.

Ҳабибулла Жалилов, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи:
— Дори воситаларини сотишда 13 фоизгача ва чакана сотишда 20 фоизгача устама нарх қўйиш қатъий равишда белгилаб қўйилди. Дорихоналарда 340 та дори-дармон воситалари чекланган нархда белгилаб қўйилган бўлса, шулардан 160 таси махаллий ишлаб чиқарилган дорилар ҳисобланса, қолганлари эса импорт қилинадиган дори-дармонлардир.

Дунё бўйича ҳар йили дори-дармон воситаларининг нархи инфлация ҳисобига 8-10 фоизгача ошиб боради. Бизда эса 8-40 фоизгача арзонлаштирилди. Истеъмолчилар дорихоналардан дори-дармон воситаларининг ўтган йилги ва бу йилги нархини сўрашлари мумкин. Муаммо юзага келса, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Солиқ инспекциясига мурожаат этишлари мумкин.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири-Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов ҳам фикр билдирди.

Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
—2016 йилда сотилган дори-дармон воситаларининг 116 турига оид ўтган йилдаги ва бу йилдаги нархлар ҳақидаги маълумотлар дорихоналарда эълонлар тахтачасида бўлиши керак. Яқинда яна 227 турдаги дори-дармон воситалари тендердан ўтказилди ва бир ҳафтадан сўнг истеъмолчилар бу дори-дармонларни ҳам нархлар солиштирмаси бўйича талаб қилишлари мумкин.

Илгари бирор дорихонада ноқонуний фаолият кузатилса, ёпиларди ва яна мазкур жойни ўзида бошқа дорихона очишга рухсат бор эди. Эндиликда бунга чек қўйилди ва қонун бузилиши ҳолати аниқланса, айнан шу жойда 3 йилгача дорихона очилишига йўл қўйилмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Соғлиқни сақлаш вазири: Энди ёпилган дорихона ўрнида 3 йилгача янгиси очилмайди