Шавкат Мирзиёев: Тез тиббий ёрдамга кечикиб бориш одат тусига айланиб қолган » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шавкат Мирзиёев: Тез тиббий ёрдамга кечикиб бориш одат тусига айланиб қолган

Шавкат Мирзиёев: Тез тиббий ёрдамга кечикиб бориш одат тусига айланиб қолган

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 5 январь куни Соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Видеоконференция шаклида ташкиллаштирилган тадбир республиканинг барча ҳудудлари билан боғланган ҳолда ўтказилди, дейилади Кун.уз сайти маълумотида.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳаётида соғлиқни сақлаш соҳаси қанчалик муҳим ўрин тутиши, соғлом авлод келажаги айнан шу соҳанинг самарали фаолиятига узвий боғлиқлиги хусусида сўз юритди.

"Тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати самарадорлиги, тезкорлиги ва сифати умуман талабга жавоб бермайди. Шу сабабли ушбу хизмат турига аҳолидан эътирозлар жуда кўп келиб тушмоқда. Масалан, виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатларда тез тиббий ёрдам бригадаларининг кечикиб келиши, машиналар, ёқилғи ва дори-дармонлар етишмаслиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада алоҳида таъкидлаш зарурки, тез тиббий ёрдамга мурожаатларнинг 35 фоизи амбулатор поликлиника тизимида ҳал этилиши мумкин. Тез тиббий ёрдамга кечикиб бориш одат тусига айланиб қолган. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, тез тиббий ёрдам хизмати кечикиб келса, касалларнинг ҳоли нима кечади?"

Давлатимиз раҳбари тез тиббий ёрдамнинг вақтида кўрсатилмаслиги натижасида қанчадан қанча беморлар ҳаётдан кўз юмиши кузатилаётгани ҳақида куйиниб сўзлади. Мазкур тизимнинг таркибий тузилишини қайтадан кўриб чиқиш вақти келгани таъкидланди. Энг янги ташхис ва даволаш ускуналари билан тизимли асосда қайта жиҳозлаш, замонавий мобил тиббий ускуна ва алоқа воситалари билан таъминланган махсус автотранспортларни қўшимча ажратиш масаласини ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.