Шавкат Мирзиёев республиканинг етакчи тиббиёт ходимлари билан учрашди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Шавкат Мирзиёев республиканинг етакчи тиббиёт ходимлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев республиканинг етакчи тиббиёт ходимлари билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди.

«Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир, — деди Шавкат Мирзиёев. — Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда».

2016 йил — Соғлом она ва бола йилида тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 80 миллион доллар қийматидаги кредит ва грант маблағлари йўналтирилди, фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш бўйича нуқсони бўлган 350 дан ортиқ болада кохлеар имплантация операциялари амалга оширилди. 700 минг бола пневмококк инфекцияси ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланди.

Аммо бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор, деди Президент. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир.

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этди. Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг 7 мингдан зиёди айнан тиббиёт соҳасига тегишли экани ҳам мазкур соҳада муайян муаммолар йиғилиб қолганлигини кўрсатмоқда. Аҳолининг мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

Президент тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталди. Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига оид қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда, деб фикрини давом эттирди Президент. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади.

Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишламоғи зарур. Бунинг учун пункт ёнидан шу жойда ишлайдиган врачга уй қуриб бериш лозим.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди.

Аёллар иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилиш керак, деди давлат раҳбари. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги куннинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларнинг саломатлигига боғлиқ.

«Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар кўп. Мавжуд марказларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу, айниқса, қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозим, деди Президент.

Тадбирда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири А. Икромов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А. Ҳожибоев, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Э. Боситхонова, С. Саидалиев, Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори Ф. Оқилов, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директори А. Аляви, Республика иммунология илмий маркази директори Т. Арипова, сенатор З. Низомхўжаев, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С. Иномова, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Эрниязов, Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев ва бошқалар Президентнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган алоҳида эътибори соҳа ривожида муҳим омил бўлаётганини қайд этди. Билдирилган танқидий фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, соҳа олдида турган долзарб вазифаларни бажариш юзасидан тизимли ишлар олиб борилишини, барча куч ва имкониятлар ишга солинишини таъкидлади.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.