«Синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди» — Шавкат Мирзиёев » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
01-01-2017 | 00:25 ZAMIN.UZ / Узбекистон / 01 Январ 2017
1 083

«Синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди» — Шавкат Мирзиёев

«Синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Президента Шавкат Мирзиёев мамлакат халқини Янги йил билан табриклади. Давлат раҳбари телетабрикни бевосита ўзи йўллади.

«Сиз, муҳтарам отахон ва онахонлар, меҳрибон опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз, бутун халқимизни янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва қувонч тилайман», — деди Президент.

«Поёнига етаётган 2016 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқ ва марралар кўп бўлди. Шу билан бирга, афсуски, бошимизга оғир ташвиш ва синовлар ҳам тушди. Лекин бу синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди. Мард халқимизнинг матонати туфайли биз бу синовлардан ҳам муносиб ўтдик», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Якунига етаётган йил аввало мустақил Ватанимиз 25 ёшга тўлган йил сифатида тарихимизда ўчмас из қолдирмоқда. Ўтаётган йилни деҳқон ва фермерларимиз, ишчи ва қурувчилар, ўқитувчи ва шифокорлар, жасур ҳарбийларимиз, олимлар, ижодкор зиёлилар — барча касб эгалари ўз соҳалари бўйича ёруғ юз билан якунладилар. Айниқса, юртимиз спортчилари Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида эришган беқиёс ютуқлар мамлакатимиз шуҳратини бутун дунёда янада юксалтирди. Бир сўз билан айтганда, ўтиб бораётган йилдан рози бўлиб, ҳар қанча шукрона айтсак арзийди», — деди давлат раҳбари.

«Биз кириб келаётган 2017 йилга „Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили“ деб ном бердик, — давом эттирди у. — Бунинг негизида „Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ“ деган олижаноб мақсад ва вазифалар ётибди. Янги йилда бу борадаги дастурий вазифаларни амалга оширишда барчамизнинг, аввало, раҳбар ва етакчиларнинг бир жону бир тан бўлиб, астойдил меҳнат қилишларига ишонаман».

«Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади», — деб таъкидлади Президент.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.