20:01 / 12.12.2016
8 906

Бош вазир лавозимига А.Арипов номзодини кўрсатишга қарор қабул қилинди

Бош вазир лавозимига А.Арипов номзодини кўрсатишга қарор қабул қилинди

2016 йил 12 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш масаласи Сиёсий Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки асосий қонунимизга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек бугун ўз ваколатларини амалга оширишга киришган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастурларида илгари сурилган, мамлакатимиз ҳаётига бевосита даҳлдор масалаларни ҳаётга тадбиқ қилиш кўп жиҳатдан хукуматга раҳбар бўладиган инсондан ҳам катта салоҳият ва ташкилотчиликни талаб этади. Сабаби, ушбу дастурда қўйилган масалалар нафақат иқтисодиёт, ёки ижтимоий соҳалар, балки кўплаб бошқа соҳаларда ҳам аниқ белгиланган режаларни амалга оширишни талаб қилади.

Мажлис иштирокчилари бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентига Бош вазир лавозимига ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Нигматович Арипов номзодини тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилдилар.

Таъкидланганидек Абдулла Нигматович Арипов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти учун масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва талабчан, янгиликка интилувчан, жонкуяр ва ватанпарвар, қуйидан юқоригача бўлган барча бўғинлардаги ижро органларини бошқаришда етарли тажриба ва салоҳиятга эга бўлган фидойи инсондир.

Мажлисда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бош вазир лавозимига А.Арипов номзодини кўрсатишга қарор қабул қилинди