Янги президентга янги қароргоҳ барпо этилиши мумкин » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Янги президентга янги қароргоҳ барпо этилиши мумкин

Янги президентга янги қароргоҳ барпо этилиши мумкин

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов учун хотира музейи Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳи ҳудудида барпо этилади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабарига асосланган ҳолда Kun.uz хабар берди.

Ўтган ойда марҳум президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали бу мавзуни кўтарганди.

"Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган", деганди у.

ТАСС нашри мухбири суҳбатлашган манба бу режаларни тасдиқлаган. Суҳбатдошлардан бири Оқсарой объекти махфийлиги даражаси сезиларли даражада пасайтирилганини маълум қилган.

"Ҳудудга олиб борувчи йўлдаги постлар ҳажми камайтирилмоқда", деган у.

Бундан ташқари, айни вақтда Шароф Рашидов шоҳкўчаси ва Бешёғоч кўчаси орасидаги Афросиёб кўчасининг (Оқсарой қароргоҳи яқинидаги кўча - таҳр.) ҳар икки қисми автомобиллар ҳаракатланиши учун очиқ. Бу кўча бир неча йил илгари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилганди.

Ҳозирда кўчада ҳаракатланиш йўлга қўйилган, аммо кўчада кейинроқ таъмирлаш ишлари олиб борилиши ҳам мумкин.

Бундан олдинги хабарларда бу қарор Тошкентда Ислом Каримов хотирасига атаб хиёбон, музей ва ёдгорлик бунёд этилиши ҳақидаги хабар билан боғлиқлиги айтилганди.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.