14:33 / 10.12.2016
7 017

АҚШ президенти Барак Обама Шавкат Мирзиёевни табриклади

АҚШ президенти Барак Обама Шавкат Мирзиёевни табриклади

Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат арбобларидан самимий тилаклар билдирилган қутловлар келмоқда, деб ёзади ЎзА.

Хусусан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обаманинг табригида шундай дейилади:

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига


Муҳтарам жаноб Президент!

Америка Қўшма Штатлари номидан Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз билан муборакбод этаман. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мамлакатингиз мустақилликка эришгач, яъни 25 йил аввал бошланган. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга доир сиёсатимиз бугун ҳам давом этмоқда.

Сизнинг Президент этиб сайланишингиз Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб берди. Сизнинг минтақада ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро муносабатларда мувозанатни сақлашга қаратаётган алоҳида эътиборингизни қўллаб-қувватлайман. Шунингдек, Президент вазифасини бажарувчи сифатида муҳим соҳаларда, шу жумладан, иқтисодиёт ва қонун устуворлиги соҳаларида Сиз бошлаган ишларни катта мамнуният билан қайд этаман.

Ҳукуматингиз билан ўрнатилган ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз ҳамда ушбу алоқаларни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятларни ишга соламиз. Ўзаро умумий манфаатларимизни ҳисобга олиб, мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида биргаликдаги ишларимизни давом эттирамиз, деган умиддаман.

Самимият билан,
Барак Обама,
Америка Қўшма Штатлари Президенти

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АҚШ президенти Барак Обама Шавкат Мирзиёевни табриклади