07:49 / 03.02.2017
8 732

Ўқишни истамайдиган болалар билан қандай йўл тутиш лозим?

Ўқишни истамайдиган болалар билан қандай йўл тутиш лозим?

Тан олиш керак, мактаб кўнгилочар муассаса эмас. Болалар боғчасидан фарқли равишда бу ерда болани овқатни охиригача еб қўйганлиги ёки ухлагани учун мақташмайди ҳам. Болалар мактабга билим олиш учун боради ва бу жараён кўчада ўйнаш ёки мультфильм томоша қилиш каби мароқли эмас, дейилади Дарё сайти маълумотида.

Агар фарзандингиз ўқишни истамаслигини маълум қилса, бунинг сабабларини аниқлаб, муаммо ечимини топишга ҳаракат қилишингиз лозим. Ахир бола учун ҳеч нарсанинг қизиғи бўлмаслиги мумкин эмас. Унинг мактабдан ташқари бирор қизиқарли машғулотини аниқланг ва уни мактаб фанлари билан боғланг.

Масалан, ўғил бола компьютер ўйинларига қизиқса, уни дастурлашга қизиқтириш, модага қизиққан қизларни эса ўз «модалар журнали»ни яратишга қизиқтириш мумкин. Бу орқали қизларда тасвирий санъатга, қолаверса, саводхонликка бўлган қизиқишни ошириш мумкин. Ахир журналларда бехато ёзиш талаб этилади.

Ўқишни истамасликнинг яна бир сабаби маълумотларни ўзлаштиришдаги қийинчилик бўлиши мумкин. Агар бола дарсларда гап нима ҳақида бораётганлигини тушунмаса, у зерикиш, ноқулайликни ҳис қилади. Шу сабабдан маълум бир фанни ҳам ёқтирмай қолади!

Бу вазиятни унинг ўқитувчиси билан муҳокама қилиб кўринг. Қўшимча машғулотлар учун репетитор хизматидан фойдаланишингиз ҳам мумкин.

Ўқув жараёнига қизиқишнинг йўқолишига бунинг акси — билимларнинг жуда осон ўзлаштирилиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, биринчи синфга ўқишни билиб борган болалар тенгдошларининг ҳарф ўрганишидан зерикиши мумкин. У қизиқишини бутунлай йўқотмаслиги учун турли фойдали машғулотлар, клуб ва тўгаракларга йўналтириш лозим.

Асосий қоидага амал қилинг — ҳеч қачон болани камситманг! Агар бола ўқишни истамаса бу уни дангаса, билмасвой каби сўзлар билан камситишга асос бўла олмайди.

Боланинг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлабгина ўқишга бўлган қизиқишини қайтариш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ўқишни истамайдиган болалар билан қандай йўл тутиш лозим?