Ҳозироқ бахтли бўлишни ўрганишни истайсизми? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ҳозироқ бахтли бўлишни ўрганишни истайсизми?

Ҳозироқ бахтли бўлишни ўрганишни истайсизми?

Ҳаётимизда “... керак” деган ҳитобли сўзга жуда кўп бора дуч келганмиз. Айниқса, болалигимиздан “Овқатни охиригача ейиш керак”, “Мактабда яхши ўқиш керак”, “Одоб сақлаш керак” ва яна сўнгсиз “...керак”, “...керак”, “...керак”лар.

Улғайсакда, миямизда “...керак” деган қандай яшашни ўргатувчи буйруқ гаплари тинмайди, аммо уларнинг орасидан шахсий истакларимизни эшита оламизми? Умуман олганда, умум қабул қилинган “яшаш қоидалари”га амал қилган ҳолда, тўла-тўкис бахтга эриша оламизми?

Яқинда бир аёлнинг ўзи ҳақда ёзган ҳикоясига кўзим тушди. Дарья исмли аёл бир неча ой аввал депрессия, сурункали чарчоқ, умидсизлик шикоятлари билан психотерапевт ҳузурига борди. Дарья шифокор билан суҳбатлашар экан, терапевт унинг бир неча марта “...керак” сўзини ишлатганига эътибор қаратди.

Дарьянинг ота-онаси ҳаёт қонуниятлари асосида яшайдиган инсонлар, яъни таълимдан сўнг ишлаш керак, кейин эса оила қуриб, демография қонунлари бузилмаслиги учун икки фарзандли бўлиш керак ва ҳоказо. Улардаги ҳаёт ана шу тартиб билан давом этиб келади.

Натижада эса бундай “яшаш тартиби” авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтди. Шу тариқа, ҳеч ким шахсий қизиқишлар, орзу-истаклар ва ҳатто, инсон ўзини “тинглай олиш” қобилияти ҳам шаклланмай қолди. Бундай “яшаш тартиби”, яъни “...керак” сўзи билан боғланган қонуниятлар асосида ҳаёт кечириш жамиятнинг ривожланиши ва гуллаб-яшнашига хизмат қилиши таъкидланган. Мана, коммунизмнинг тантанаси!

Бундай “идеал ҳаёт”нинг акс тарафи ҳам бор

Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган “яшаш қонуниятлари” асосида яшаш қанчалик инсонга бахт келтиради? 1961 йилда психолог Стэнли Милгрэм ўзига хос тажриба ўтказди. Тажриба иштирокчилари “ўқитувчи” ролида намоён бўлишди. “Ўқувчи”лар ролида эса махсус актёрлар бўлган ва тадқиқот иштирокчилари бундан бехабар бўлишган. “Ўқитувчи”лар “ўқувчи”ларга янги сўзлар ўргатишган. Ҳар бир “ўқувчи” сўзларни ёддан айта олиши зарур эди, бироқ хато қилган “ўқувчи” сунъий ток билан жазоланган. “Ўқитувчи”лар ўзлари истаган натижага эришиш учун “ўқувчи”ларни аёвсиз жазолашди. Бунда эса “...керак” ибораси илгари сурилди. “Идеал”ликка эришиш учун барча сўзларни ёд олиш КЕРАК эди.

Стэнли Милгрэм ўз тажрибаси орқали тўғри яшаш КЕРАК бўлган “ҳаёт қонуниятлари”га риоя қилиш нафақат ўзимизга, балки атрофдагиларга ҳам зарар етказиши мумкинлигини исботлаб берди.

Юқоридаги қаҳрамонимизнинг тақдирига қайтсак. Дарья психотерапевтининг тавсияси билан миясидаги “...керак” сўзини “истайман” сўзига алмаштиришга қарор қилди. Назария эса қуйидагича эди: Дарьяга зарур бўлган барча ҳаракатлар унинг истаги билан амалга ошадиган бўлди. Қолган барчаси, яъни ота-онаси қатъиян белгилаб берган, Дарьяга маъқул бўлмаган “ҳаёт қонуниятлари” бўшлиққа айланади.

Шу ўринда, болалар учун мўлжалланган машҳур эртак қаҳрамони Винни-Пухнинг ибораси ёдга тушади:

“Қандай зарур бўлса, шундай қилиш керак. Зарурат бўлмаса, қилиш керак эмас”.

Ҳаётимиз давомида “...керак” сўзини “истайман” сўзига ўзгартириш орқали кўпроқ бахтга эришиш мумкин экан. Бунда эса нафақат инсоннинг ўзи, балки атрофдагиларга ҳам зиён етмайди.

Аслида инсонлар кўплаб вазифалар қаршисида туришгани учун ҳам “...керак” сўзига кўп итоат этишлари мумкин. Аммо мия фаолияти билан истакнинг мос келмаслиги сиз кутган натижага олиб келмаслиги тайин.

Оддий мисол. Сиз иш фаолиятингиз давомида бир вақтнинг ўзида ҳисобот тайёрлашингиз керак, иш юзасидан учрашувга боришингиз керак, хат тайёрлашингиз керак. Бу вазифалар орасида энг аввало қайси вазифани биринчи бўлиб амалга оширишни истайсиз? Айни вақтдаги истагингизни рўёбга чиқаришни бошланг. Агар бу вазифалардан ҳеч бирини қилгингиз келмаса, унда бундай иш фаолиятидан умуман воз кечган маъқул.

Киши ўз фаолиятидан завқ олиши зарур. Ишингиз сиздан энергияни олиши эмас, аксинча, қувватни бериши лозим. Бу иш фаолияти билан боғлиқ энг оддий мисолдир. Ҳаётда эса бундан-да мураккаб вазиятлар учраши табиий.

Аёллар баъзан уй ишларини қилишни истамасликлари мумкин, аммо қилиш КЕРАК, истак эса, аксинча. Аёллар мажбурий хизмат қилишни маъқул кўришмайди. Агар бу вазиятда “...керак” сўзини “хоҳлайман” сўзига алмаштирсакчи?! Аёллар гўзал соч турмагини исташи табиий, гўзал кўринишга эса саранжом уй мос келади. Барчаси оддий. Бу хулоса елкамиздаги оғир юкни бироз енгиллаштиради.

Жамиятда кўп инсонлар ўзгалар чизиб берган “тартиб” асосида ҳаёт кечиришади. Қандай яшаш керак, қаерда ишлаш керак, бўш вақтда нима билан шуғулланиш керак... Афсуски, бундай қоидалар инсон онггини ривожланишига тўсқинлик қилади.

Бир йигит ўз ташқи кўринишини “идеал” тарзда сақлаб қолиш учун бокс машғулотларига қатнай бошлади. Кунларнинг бирида унинг севгани ундан “нима учун боксга қатнашаётганлиги” ҳақида сўради, аммо йигит аниқ жавоб бера олмади, унинг боши қотди... Йигит бу борада ўйлаб кўрмаганлиги айтди. “Керак бўлгани учун боряпман, дея ўзимни алдаган эканман. Кейинчалик ўйлаб қарасам, мен доимо юзимга урадиган жойга бораётган эканман. Бундан эса мен умуман завқланмайман. Шундан кейин ўзимга мос мураббий топдим ва истагимни баён қилдим. Ҳозир ҳам баъзан юзимга калтак тушади, лекин айни вақтда мен бундан завқ оляпман”, дейди яна бир қаҳрамонимиз.

Кишилик жамияти ҳамма истаган ишини қилса, тартибсизлик юзага келишидан қўрқиши табиий. Лекин тадқиқотлар ва тарих бунинг аксини кўрсатади.

Инсоннинг руҳияти минг йиллар давомида шаклланиб келган. Қадимда одамлар онгли равишда атрофдаги барча нарсаларни ва барча инсонларни ҳимоя қилиш, уларни асраш ғоялари билан яшаб келишган. Шахсий манфаат тушунчаси бўлмаган.

Бир жойда тартиб сақлаб жим ўтириш инсонга фойда келтирмайди. Қатъий белгиланган “ҳаёт қонуниятлари”нинг бўлмаслиги эса шахсий фикрнинг шаклланишига, танлов ҳуқуқи юксалишига ва асосийси, тақдирни, касбни танлашга ёрдам беради. Бу эса ҳам маънан, ҳам иқтисодий соҳада ривожланишга олиб келади.

Ўз истакларини “ҳаёт қонуниятлари”дан устун қўйган кишилар ёки ўзлари завқ оладиган иш билан шуғулланадиганлар бошқаларга нисбатан бахтли эканликлари фанда кўп бора исботланган. Бундай кишиларда депрессия, стресс жуда кам учрайди.

Психологларнинг хулосаларига кўра, шу ерда ва ҳозирнинг ўзида яшашни ўрганинг. Бахтли бўлиш учун энг маъқул вақт бу – ҳозир. Шу он, шу дақиқа, шу сония ўзингиздаги бор имкониятларга шукур қила билинг, яъни миннатдор бўлинг ва эртага бундан-да яхши яшашингизга ишонинг. Бу эса дунёдаги энг омадли инсонларнинг севимли афоризмидир.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.