Иккиланиш: уни қандай енгса бўлади? » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Иккиланиш: уни қандай енгса бўлади?

Иккиланиш: уни қандай енгса бўлади?

Баъзан бирор қарор қабул қилиш, уни амалга оширишдан қийинроқ бўлади. Иккиланаверамиз, иккиланаверамиз. Кўйлакнинг қорасини кийсаммикан, қизилиними? Мошхўрда қилсаммикан, маставами деган оддийгина беқарорликдан тортиб шу йигитга турмушга чиқсаммикан, йўқми, ажрашсаммикан ё яна бироз сабр қилайми деган муҳим иккиланишларгача ҳар биримизга таниш. Қарор қабул қилмай вақтни чўзаверамиз, аниқ бир гап айтмай, мужмал жавоблар қиламиз. Бу маълум муаммоларни юзага келтиради. Шу сабабли қандай қилиб дадил қарор қабул қилиш борасидаги маслаҳатларимизга қулоқ тутинг.

Ечимга олиб борувчи йўл кўп бўлса...

Бирор вазиятнинг ечим вариантлари қанча кўп бўлса, одам бир тўхтамга келолмай шунча иккиланади. Агар вариантлар бор-йўғи иккита бўлса, қарор қабул қилиш ҳам осонроқ кечади. Ечим устида камроқ бош қотириб, тезроқ қарор қабул қиламиз. Шу сабабли имкон қадар тезроқ эҳтимолли ечимларнинг номақбулларини ҳисобдан чиқариб, энг мақбул икки вариантни қолдириш керак.

Хатони такрорлаб қўйишдан қўрқманг

Албатта, хато қилмайдиган одам йўқ. Аммо айримлар ана шу хатолардан олган салбий тажрибасини ортмоқлаб, бутун умр юраверади. Аслида, ана шу ёмон тажрибаларни елкадан улоқтириб ташлаб, фақат хушёрликни олиб қолиш керак. Одамга иккинчи имконият берса бўлади, ҳаттоки у одам ўзингиз бўлсангиз ҳам.

Оний фойда

Иккиланиш кўпинча қулайликни йўқотиш қўрқуви туфайли юзага келади. Масалан, биров билан гаплашиб орани очиқ қилиш керак, аммо ноқулай суҳбат асабларингизга салбий таъсир қилади, тинчлигингизни бузади. Шу сабабли сиз уни ортга сураверасиз, ҳатто бу кечиктирув ўзингизга зарар бўлишини билсангиз ҳам. Маслаҳатимиз: вақтни чўзманг, ишга киришинг!

Йўқотилганларга ачиниш

Бир марта муваффақиятсизликка учрагач, ишни қайтадан бошлашга ҳамма ҳам журъат этолмайди. Ана шуни билганингиз учун қарорни чўзаверасиз. Маслаҳат шуки, йўқотадиган нарсаларингизни тарозига солганингизда фақат вақт ортга қайтмаслигини, қолганини топиш мумкинлигини унутманг.

Муносабатлар бузилишидан қўрқиш...

Биз ҳар доим атрофдагилар билан яхши муносабатлар сақлаб туришга ҳаракат қиламиз. Аммо бизга яқин икки одам орасида бирини танлашга тўғри келса нима бўлади? Бу осон танлов эмас. Масалан, эрингиз ва акангиз ўртасида зиддият чиқди. Истасангиз-истамасангиз бу сизга ҳам дахл қилади. Аралашмай четда туришингиз мумкин эмас. Нима қилмоқ керак? Сизда битта йўл бор: уларни муросага келтириш. Қарор қабул қилмай, иккиланиб тураверсангиз, яқинларингиздан бири билан юзкўрмас бўлишингиз мумкин.

Болангиз сиз каби бўлмасин!

- Унга нисбатан ҳаддан ортиқ қаттиққўл бўлманг.
- Буюрган ишингизни қилмаса, қаттиқ жазолашга шошилманг.
- Боладаги атрофга, воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқлик, ташаббуссизлик одатларини йўқотишга ҳаракат қилинг.
- Кичкинтойнинг ҳар қандай ташаббус ва мустақиллигини мукофотланг.
- Болангизнинг сизга ёқмаган ташаббус ва истакларини қайириб ташлашга шошилманг, уни фойдали йўсинга буришга ҳаракат қилинг.
- Фарзандингизга энг яхши ибрат – ўзингиз. Унинг олдида иккиланишларингизни кўрсатманг, ирода ва қатъиятингизни намоён қилинг.


Ҳаётимиз қандай кечиши қабул қилган қарорларимизга боғлиқ. Иккиланманг, дадил бўлинг, хушёр бўлинг, аммо озгина таваккалга ҳам жой қолдиринг.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.