15:48 / 21.11.2016
24 171

Тирноқ тишлаш касалликми?

Тирноқ тишлаш касалликми?

“Ўғлим ўсмир ёшида бўлса ҳам ҳалигача тирноғини тишлайди. Унга бу хунук кўринади деб бир неча марта тушунтиришимга қарамай бу ёқимсиз одатини ташламаяпти. Маслаҳат беринг”,– дейилади таҳририятимизга келган мактублардан бирида.

«Ўзим билмаган ҳолда тирноғимни тишлайвераман. Бўлди эртадан бундай қилмайман деб неча марта ўзимга ваъда бераману, яна беихтиёр қўлим оғзимга кетиб қолаверади. Яқинда кўпчиликнинг олдида шуни деб уялиб қолдим. Нима қилсам бутунлай бу одатдан қутуламан?»– деб ёзади иккинчи мактуб эгаси дейилади "Мулоҳаза" нашрида.

Тирноқларни тишлаш тиббиётда онихофагия термини билан аталади. 3-10 ёшли болаларнинг 30 фоизи онихофагияга мойил бўлса, ўсмирлар орасида эса у 45 фоизни ташкил этади. Бу асло маданиятсизлик белгиси эмас, унинг илдизлари руҳият билан боғлиқ.

САБАБЛАРИ:

Бола ўзини кучсиз ёки ҳимоясиз ҳис қилади, жамоада ўз ўрнига эга эмас, у стрессга тушган. Мактабда ёки уйдаги муҳитда у асабий зўриқишга дуч келаяпти, кетма-кет танқидга учрагани учун ўзини қўйишга жой тополмай, аламидан шу одатга берилиб кетади.

Ўзига ишончи паст. У танбеҳ эшитавериб, ўзини етарлича баҳолай олмайди. Доимий айбдорлик хиссидан қийналиш ҳам тирноқ тишлашга сабаб бўлади.

У ўзидаги норозиликни, ички кечинмаларини атрофдагилар билан бўлиша олмаяпти. У ичидаги гапларини эшитадиган меҳрибон суҳбатдошга муҳтож.

Қанчалик ғалати туйилмасин, бола онихофагияни баъзида ота-онасидан ўзлаштиради. Уйда ота ёки онанинг тирноқ тишлаши болада ҳам шу одатни ривожлантиради. Сўровларда болалар уйда бобо, бувисидаям бу ёқимсиз одат борлигини эътироф этишган.

Жазоланишдан қўрқиш ҳам болани шундай йўл тутишга ундайдиган сабаблардан бири экан. Айрим ота-оналар болани тирноқ тишлагани учун жазолаб, унда бу одатни йўқотишга эмас, балки кучайишига сабабчи бўлиб қолар эканлар.

Бу одатни келтириб чиқарган сабаблар таҳлил қилингач, даволаш икки усулда олиб борилади. Бунинг учун албатта психолог ёрдами керак бўлади. Чунки бу нарсани даволаш руҳий ҳолатни яхшилаш билан чамбарчас боғлиқ. Болада қўрқув, ёлғизлик ҳисларини йўқотиш лозим. Шу одати учун болани қаттиқ танқид остига олиш ярамайди.

Тиббий усул билан даволаш. Тиббий воситалардан асабни тинчлантирувчи чойлар тавсия қилиш мумкин.

Қизларда бу одат ўғил болаларга нисбатан кўпроқ учрайди.

Бу одатга ўрганган болаларда инфекцияга чалиниш хавфи юқори. Онихофагия бактерия, вирус ва энг ёмони гижжаларнинг организмга кириши учун йўл очади. Оғиз бўшлиғи аъзолари ҳам бундай одатдан азият чекади. Қўл орқали оғизга тушган инфекция стоматит, фарингит, ангина касалликлари хавфини оширади.

БУ ОДАТДАН ҚУТУЛИШ ЙЎЛИ

Диққатни чалғитиш учун болаларни спорт машғулотларига бериш мумкин. Боланинг ёнига ўзи билан бирга олиб юриш мумкин бўлган егулик солиб қўйилади. У тирноқ тишлагиси келганида шу эзгуликларни еб чалғийди. Дорихоналарда сотиладиган махсус тирноқ бўёғи ҳам бу борада ёрдам бера олади. Чунки унинг таркибида аччиқ модда мавжуд бўлиб, қиз бола тирноғини тишлаганида ўша таъм унга ёқмайди ва у ўз-ўзидан бу ёқимсиз одатини ташлайди.

Психолог Шаҳноза Сагдуллаева тавсиялари асосида Зуҳра тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тирноқ тишлаш касалликми?