16:30 / 25.01.2017
12 494

Юрак хуружига чалинган Муқаддас Холиқова бошқа шифохонага ўтказилди

Юрак хуружига чалинган Муқаддас Холиқова бошқа шифохонага ўтказилди

Аввалроқ, ўзбек театр ва кино санъатининг таниқли ижодкори, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг иккинчи бор юрак хуружини бошидан ўтказгани, Тошкентдаги 1-сонли Марказий клиник шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Орадан кўп ўтмай, Муқаддас Холиқованинг қизи Зебинисо ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали онасининг аҳволи ҳақида маълумот бериб, 24 январь куни, тунда шифокорларнинг эътиборсизлиги сабаб Холиқова кўп қон йўқотгани, қон босими тушиб кетиб, саломатлиги янада оғирлашгани ҳақида ёзди ва шифокорларни инсон саломатлиги йўлида ўз ишига янада эътиборлироқ бўлишга чақирди. Шифокорларга нисбатан эътирозларини ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан ўчириб юборган Зебинисо уни такрор тармоққа жойлаштирди. Бу ҳолатга нисбатан “Олдинига кўп ўйладим, айрим тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлигини ёзмасаммикин деб. Лекин нега индамаслигим керак? Ёзаман ҳам. Баъзи шифокорлар жуда масъулиятсиз, айниқса, ҳамширалар. Шифокорлар қарайди, даволайди. Бироқ айрим ҳамшираларнинг лаёқатсизлиги беморларнинг оғир аҳволга тушишига сабаб бўлади”, дейди Холиқованинг қизи.

Муқаддас Холиқованинг қизи Зебинисонинг маълум қилишича, Муқаддас Холиқова кеча, 24 январь куни тушдан сўнг 1-сонли Марказий клиник шифохонанинг жонлантириш бўлимини тарк этиб, Тошкентдаги Республика Кардиология маркази шифохонасининг жонлантириш бўлимига ўтказилган, деб ёзади Qalampir.uz сайти.

Айни дамда Холиқовага қўйилган ташхис бўйича шифокорлар даво чораларини кўришмоқда. Актрисанинг қачон жонлантириш бўлимидан чиқарилиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Муқаддас Холиқованинг қизи биз билан суҳбатда Республика Кардиология маркази шифохонаси ходимлари ва онасининг мухлислари, дўстларига миннатдорчилик билдирди.

Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг тезроқ соғайиб, жонажон театри саҳнасига қайтишини тилаб қоламиз.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юрак хуружига чалинган Муқаддас Холиқова бошқа шифохонага ўтказилди